ТОШКЕНТ, 28 сен - Sputnik. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 526-сон қарори билан “Ўзбекистон Республикаси ветеринария фидойиси” ва “Ўзбекистон Республикаси чорвачилик фидокори” кўкрак нишонлари тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.
Ҳужжатга кўра, кўкрак нишонлари билан қуйидагилар тақдирланади:
“Ўзбекистон Республикаси ветеринария фидойиси” кўкрак нишони билан – ветеринария соҳасини ривожлантириш, соҳада назоратни кучайтириш ва хизматлар сифатини ошириш, эпизоотик осойишталик, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган фуқаролар;
“Ўзбекистон Республикаси чорвачилик фидокори” кўкрак нишони билан – чорвачиликни ривожлантириш, чорва моллари наслини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган шахслар.
Номзодлар бўйича таклифлар ҳар йили 1 июлгача Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига берилади. Қўмита раиси томонидан номзодларни кўриб чиқиш учун 5 кишилик комиссиялар тузилади.
Комиссиялар номзодлар бўйича таклифларни ўрганиб 1 августгача якуний хулосаларни қабул қилади.Хулосалар асосида Қўмита раисининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруқлари қабул қилинади.
Кўкрак нишонлари ҳар йили 1 сентябрь – Мустақиллик байрами арафасида тантанали топширилади.Кўкрак нишонлари билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари (1,2 млн сўм) миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти ва эсдалик совғалар берилади.