Еврокомиссия санкцияларнинг бир қисмини юмшатишни таклиф қилади – ОАВ

Брюссель Россиядан ўғит, цемент ва бошқа маҳсулотлар экспортига қўйилган тақиқни бекор қилиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 сен - Sputnik. Европа комиссияси Россияга қарши янги санкциялар пакетини муҳокама қилиш доирасида аллақачон мавжуд чекловларнинг бир қисмини юмшатишни таклиф қилади. Бу ҳақда “Politico” манбаларга таяниб ёзмоқда.
Бугун, 28 сентябрь куни соат 14:30 да (Тошкент вақти билан 17:30) Европа комиссияси Европа Иттифоқи мамлакатлари элчиларини янги чоралар, жумладан, Россия нефтига нарх чегарасини жорий этиш тўғрисида хабардор қилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, Брюссель Россиядан ўғит, цемент ва бошқа маҳсулотлар экспортига қўйилган тақиқни бекор қилиши мумкин.
Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг “Bloomberg” хабар қилганидек, Европа Иттифоқи давлатлари жавоб сифатида бир неча ҳафта ичида нефть нархининг юқори чегарасини белгилашга интилмоқда.
Россия расмийлари, агар бу Россия манфаатларига зид бўлса, чет элга ҳеч нарса етказиб бермаслигини бир неча бор таъкидлаган.
Ғарб Украинада махсус ҳарбий операция бошланганидан кейин Москвага нисбатан санкциялар босимини кучайтирди. Бу Европа ва AҚШда электр энергияси, ёқилғи ва озиқ-овқат нархларининг ошишига олиб келди. Владимир Путин Россияни жиловлаш ва кучсизлантириш сиёсати Ғарбнинг узоқ муддатли стратегияси эканлигини ва санкциялар бутун жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба берганини таъкидлади.