ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Бугун ва дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида бироз шамол билан қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Ушбу кунларда ҳарорат асосан кечалари 13...18 даража, кундуз кунлари 30...35 даража атрофида бўлади. Бу сентябрь ойининг ушбу кунлари учун ўртача йиллик ҳарорат қийматларидан бироз юқоридир.
Фақат республиканинг шимолий ҳудудларига 25 сентябрь, якшанба куни Волга бўйи ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массаси кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистонда ва кечга томон Хоразм вилоятида баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши ва шамол 15-20 м/с гача, баъзида 21-23 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин. Қорақалпоғистоннинг шимолида ҳарорат пасайиши бошланади.
Кейинги ҳафтанинг бошида нам ва салқин ҳаво массаси кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудига тарқалади. Республика бўйича баъзи жойларда шамол чанг-тўзонлар билан 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Жанубнинг энг чеккасида ва Фарғона водийсида шамолнинг кучайиши 21-23 м/с га етиши мумкин.
Душанба куни Бухоро, Навоий вилоятларида, сешанба куни тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёмғир ёғади. 2500 м дан юқори бўлган баланд тоғларда ёмғир қорга айланади. Душанба куни шимолий вилоятлар бўйича, сешанба куни эса республиканинг барча ҳудудлари бўйича салқинлашади. Ҳаво ҳарорати кечалари 10...13 даражагача, кундуз кунлари 22...25 даражагача пасаяди.