Қашқадарёда қайта тикланувчи энергия манбалари ишлаб чиқарувчилар кластери ташкил этилади

Кластер доирасида умумий қиймати 38,7 млн долларлик 6 та лойиҳа амалга оширилади ва бунинг натижасида 500 та янги иш ўринлари ташкил этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Қашқадарёда қайта тикланувчи энергия манбалари ишлаб чиқарувчилар кластери ташкил этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 21 сентябрь куни қабул қилинган 518-сонли қарорида белгиланган.
Қарор билан “Чироқчи” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида қуёш сув иситиш ускуналари, қуёш фотоэлектрик панеллари, шамол, биогаз, гидроэлектр қурилмалари ва иншоотларини, электр энергиясини сақловчи аккумуляция тизимлари ва бошқа ёрдамчи жиҳоз ҳамда ускуналарни ишлаб чиқариш кластер усулида ташкил этилади.
Шу муносабат билан қуёш сув иситиш ускуналари ва қуёш фотоэлектрик панелларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Solar cluster” кластери иштирокчилари томонидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати ҳам тасдиқланди.
Таъкидлаш жоизки, кластер доирасида умумий қиймати 38,7 млн долларлик 6 та лойиҳа амалга оширилади ва бунинг натижасида 500 та янги иш ўринлари ташкил этилади.