ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Кеча, 18 сентябрь куни, Россиянинг “Первый канал” (Биринчи канал) телеканалида таниқли телебошловчи, продюсер ва режиссёр Валдис Пельшнинг “Ўзбекистон. Уфққа назар” (“Узбекистан. Заглянуть за горизонт”) ҳужжатли фильми илк бор намойиш этилди.
Кинокартинада Валдис Пельш 36 дақиқалик ҳужжатли фильмда Ўзбекистоннинг ўзига хос жиҳатлари, замонавий қиёфаси ҳақида ўз нуқтаи назарини тақдим этади, мамлакатнинг энг муҳим тармоқлари, жумладан, энергетика қандай ривожланаётгани ҳақида маълумотлар беради.
Фильмни яратиш учун ижодий гуруҳ Самарқанд, Тошкент, Шаҳрисабз ҳудудларида бўлиб, мазкур шаҳарларнинг улуғворлиги, гўзаллиги ва иқтисодий имкониятлари билан танишди ва киноасарда акс эттиришди.
“Ўзбекистон. Уфққа назар” номли ҳужжатли картинани тасвирга олиш жараёни 23 кун давом этган ва шу вақт ичида суратга олиш гуруҳи ўнлаб шаҳарлар ва қизиқарли жойларни зиёрат қилган.
“Биз Ўзбекистонни кўп қисмини кўра олмадик, бироқ ўзимиз учун катта кашфиётлар қилдик. Масалан, Шаҳрисабз шаҳри (Қашқадарё) биз учун катта янгилик бўлди. Шаҳар бетакрор, диққатга сазовор жойлар ва содда одамларга эга ажойиб маскан экан. Фильм саёҳат жанрида суратга олинган ва унда иштирок этган барчага катта раҳмат”, - дея сўзлади Валдис Пельш.
Фильм "Eriell group" нефть-сервис компаниясининг ташкилий ва ҳомийлик кўмагида Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда суратга олинган.
Маълумот учун, мазкур ҳужжатли фильмни яратиш бўйича Россия билан меморандум 2020 йил декабрь ойида "Ўзбекистон киноси: ўтмиш, бугунги кун, келажак" Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги доирасида имзоланган эди.