ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) Самарқанд саммити доирасида Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда етакчилар ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ишончга асосланган кўп қиррали Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигини фаоллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Президентлар ўзаро муносабатлар ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилгани асносида сиёсий-дипломатик, парламентлараро, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада чуқурлаштириш муҳимлигини алоҳида таъкидлашди.
Қишлоқ хўжалиги, транспорт, электротехника, тўқимачилик ва чарм саноати, инновациялар, юксак технологиялар, туризм ва маданият соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Истиқболли йўналиш сифатида энергетика тармоғи алоҳида қайд этилди. Кейинги йилларда томонлар қарийб 1 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Учрашувда бўлажак тадбирлар, шу жумладан Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг режаси кўриб чиқилди.