ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Лондон ва Москва муносабатларини яхшилаш учун Россия президенти Владимир Путин қиролича Елизавета IIнинг дафн маросимига таклиф қилиниши керак эди, деб ёзади “Independent” шарҳловчиси Мэри Дежевский.
Унинг фикрича, янги бош вазир Лиз Трасс ҳукумати келажакда Россия-Британия муносабатларини қайта тиклаш учун захира яратиш имкониятини қўлдан бой берган.
“Давлат дафн маросимлари ҳар доим танишув учрашувлари ва янги бошланишлар учун имконият яратиб келган. Биз бу ерда бутун жаҳон [Россияни] қоралаётганга ўхшаш нарсани кўришимиз мумкин. Бу тафовутларни бартараф этиш ўрнига янада кучайтиради”, деди Дежевский.
Нашр муаллифининг таъкидлашича, Путин Елизавета IIнингвафоти муносабати билан қиролЧарльз IIIга ҳамдардлик билдирган биринчи жаҳон етакчиларидан бири бўлган.
"Биринчи ҳамдардлик мактуби кимдан келди? Эртаси куни нафис ва таъсирли ҳамдардлик мактуби келган Эмманюэль Макрондан эмас. Жо Байдендан ҳам эмас - гарчи Америка Қўшма Штатлари президенти ва биринчи хоними биринчилардан бўлиб хабар топган бўлса ҳам. Шунингдек, Миллатлар Ҳамдўстлигининг бирорта давлатидан эмас”, - дейилади мақолада.
Аввалроқ, Британия ОАВ манбаларига таяниб, қиролича Елизавета IIнинг дафн маросимига Россия таклиф қилинмагани ҳақида хабар берган эди. Кремль расмийси Дмитрий Песков Владимир Путин бошиданоқ Британия қироличасига бағишланган хотира тадбирларида иштирок этишни режалаштирмаганини таъкидлади.
Елизавета II Британияни 70 йилдан ортиқ бошқарган, у 8 сентябрь куни 96 ёшида вафот этган. Дафн маросими 19 сентябрь куни бўлиб ўтади. 10 сентябрда унинг 73 ёшли ўғли Чарльз IIIноми билан тахтга ўтирди.