ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Сербия президенти Aлександр Вучич парламентнинг навбатдан ташқари сессиясида бутун Европа каби мамлакатни ҳам Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг оғир қиш кутаётганини маълум қилди.
Вучич икки кун давомида Косоводаги вазият ва Белград ва Приштина ўртасидаги музокараларга бағишланган навбатдан ташқари сессияда иштирок этди. Сешанба куни Сербия президенти парламентдаги мунозараларда тахминан 11 соат, чоршанба куни эса деярли 14 соат вақт сарфлади.
Ўзининг якуний сўзида Вучич ўзи ва мамлакат фуқаролари “ҳеч қандай ҳолатда Косово мустақиллигини тан олмаслигини ва бу қандайдир алоҳида жасорат эмаслигини” таъкидлади.
“Одамлар шуни билишларини истайманки, кейинги олти ярим ой – 31 мартгача бутун Европа учун Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг оғир ойлар бўлади. Ҳар ҳолда, бу серб халқи, Сербия ва унинг фуқаролари учун 1945 йилдан ҳозирги кунгача бўлган энг оғир йиллардан бири бўлади”, деди президент.
Унинг таъкидлашича, қишгача Сербиянинг Банатски-Двор ер ости газ омборида ва Венгриядан ижарага олинган қувватларда 663 миллион куб метр газ захирага олинган, бу икки ойга етади.
Жорий йилнинг 24 февраль куни Россия президенти Владимир Путин Донбасс республикалари раҳбарларининг ёрдам сўраши муносабати билан Украинада махсус ҳарбий операция ўтказилишини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Москванинг режаларида Украина ҳудудларини босиб олиш йўқ, мақсадлар эса мамлакатни демилитаризация ва денацификация қилишдир. Ғарб Россиянинг қарорига жавобан унга қарши кўплаб ва кенг кўламли санкцияларни босқичма-босқич жорий қила бошлади. Ғарб давлатлари Киевга ўн миллиардлаб доллар миқдорида қурол ва ҳарбий техника етказиб беришни бошлади.
Aйрим Ғарб сиёсатчилари бу, аслида, Россияга қарши иқтисодий уруш эканини тан олди. Путин таъкидлаганидек, Ғарбнинг Москвага қарши санкциялар сиёсатида барча тажовузкорлик белгилари мавжуд.