Арманистон бош вазири Никол Пашинян Арманистондаги вазият туфайли Самарқанддаги ШҲТ саммитида қатнашмайди
Бу ҳақда SputnikArmenia’га ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.
13 сентябрга ўтар кечаси Озарбайжон армияси Арманистоннинг Тоғли Қорабоғ билан чегарадош вилоятларига ҳужум қилганди.
Бокуда таъкидланишича, бу операция - йўлларни миналаштирилишига жавоб чораси бўлиб, унинг мақсади - Ереванни тинчлик шартномасини имзолашга ундашдир.
Ереван айбловларни рад этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Самарқандда 15-16 сентябрь кунлари Ўзбекистон раислигида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлиси тадбирлари бўлиб ўтади.
Саммит ишида ШҲТга аъзо мамлакатлар – Покистон, Россия, Тожикистон, Хитой, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон, шунингдек, ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлатлар – Беларусь, Мўғулистон ва Эрон етакчилари иштирок этади.
Фахрий меҳмон сифатида Туркия, Озарбайжон, Туркманистон ва Арманистон , шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилган.