ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Бугун Самарқандга Эрон, Хитой ва Қирғизистон етакчилари келади. Бу ҳақда ШҲТ Самарқанд саммитининг матбуот марказида ОАВ вакиллари учун ташкил этилган брифингда маълум қилинди.
“Айни дақиқаларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби ўринбосари Розмари Ди Карлонинг ташрифи кутилмоқда”, - деди президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Шунингдек, бугун Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг расмий ташрифи бошланади. У Самарқандга куннинг иккинчи ярмида етиб келади, олий даражадаги музокаралар бугуннинг ўзида бўлиб ўтади.
Учрашув якунида савдо, кооперация, инновациялар, транспорт, энергетика, туризм ва бошқа йўналишларда ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
14 сентябрь кунига режалаштирилган тадбирлар тўғрисида маълумот:
Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатга келган Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух билан учрашув ўтказади;
Давлат раҳбари БМТ бош котиби ўринбосари Розмари Ди Карлони қабул қилади;
Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг мамлакатга расмий ташрифи бошланади. Олий даражадаги Ўзбекистон-Эрон музокаралари бўлиб ўтади;
Хитой раиси Си Цзиньпин давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади;
Саммит тадбирларида иштирок этиш учун Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатга келади.
Қолган барча меҳмонлар ташрифи эса эртага, 15 сентябрь куни кутилмоқда. Ва шу куни кўплаб икки томонлама музокаралар режалаштирилган.
Асосий тадбир 16 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида янги туризм марказидаги Конгресс холда бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Мўғулистон президенти Ухнагийн Хурэлсух Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлисида қатнашиш учун Самарқандга етиб келди. Олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.