“Бу қадам – доллар гегемонияси учун ғоят жиддий зарба. Эндиликда Россия ҳам, Хитой ҳам Америка долларини захира валютаси сифатида кўрмайди. Бу ўта кучли чақириқ, зеро гап кичик мамлакатлар ҳақида кетмаяпти. Россия – бу дунёда ўз обрўсини сақлаб қолаётган энергетика гиганти. Хитой ҳозир дунёда ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринда, у ҳам харид қилади, ҳам хом ашё ишлаб чиқаради. Бинобарин, ҳар икки иқтисодий державаларнинг доллардан воз кечиши ҳамда уларга Ҳиндистон каби кучли давлатнинг қўшилиши бунга ўхшаш жараёнлар бошқа ўртача мамлакатларда ҳам рўй беришидан дарак беради. Масалан, савдо-сотиқда миллий валюталардан фойдаланишга Туркиянинг қизиқиши ғоят юқори. Америка доллари дунёда ўз қийматини йўқотмоқда, Европада у шундоқ ҳам евро билан рақобат қилиб келаётган эди. Чамаси, унинг таъсир чегараси учинчи дунё мамлакатлари билан чекланади”, - деб ҳисоблайди Бариш Адилбелли.
Эслатиб ўтамиз, пайшанба куни Самарқандда ШҲТ давлат раҳбарлари саммити бошланади. Унда 15 га яқин давлат раҳбари ва 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар етакчилари иштирок этиши кутилмоқда.
Ушбу саммит Ўзбекистоннинг ШҲТга раислик даврининг якуни бўлади. Ўтган йил мобайнида ШҲТ доирасида Ўзбекистон томонидан 80 дан ортиқ тадбирлар ташкил қилинди, уларнинг мантиқий натижаси сифатида Самарқанд саммитида 30 тага яқин давлатлараро ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.
Ушбу ҳужжатлар ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва уни янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган.
Улар орасида минтақавий савдо, саноат кооперацияси ва транспорт алоқаларини рағбатлантириш концепцияси ва дастурлари бор. Шунингдек, яшил иқтисодиёт, инновациялар, рақамли технологиялар, логистика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва бошқа йўналишларда ҳам қўшма лойиҳа ва тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.