ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. 1 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони энг юқори бўлган давлатлар орасида Россия етакчилик қилмоқда. Айни вақтда россиялик тадбиркорлар капитали иштирокида 2 762 та корхона фаолият юритяпти. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, хорижий капитал иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони бўйича рейтингда Россиядан кейин Туркия (2 071 та) ва Хитой (2 044 та) жой олган. Кучли бешталикда Қозоғистон (1 195 та) (Корея 910 та)ни ҳам кўриш мумкин.
Статқўмга кўра, 1 сентябрь ҳолатига Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий капитал иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони 14 706 тани ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1 617 тага кўпдир.
Маълумот учун, ўтган йил якуни бўйича Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш учдан бирга ортиб, рекорд даража – 7,5 миллиард долларга етган. Жорий йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ошган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия иштирокида ташкил этилган 2 мингдан ортиқ қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда, Россиядан мамлакат иқтисодиётига миллардлаб инвестициялар жалб қилиняпти.