Қора денгизда Руминия ҳарбий кемаси минага урилиб портлади

Руминия ҳарбий денгиз кучлари маълумотига кўра кема минани зарарсизлантириши керак эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 сен — Sputnik. Руминия ҳарбий кемаси Қора денгиздаги Констанца порти ҳудудида зарарсизлантирмоқчи бўлган минага бориб урилди. Бу ҳақида РИА новости мамлакат ҳарбий денгиз кучларига таяниб хабар берди.
"Лейтенант Димитрие Николеску" кемаси 8 сентябрь куни соат 17:45 атрофида миналар сузиб юрган ҳудудга уларни зарарсизлантириш учун келган. Гарчи, қоронғу тушгани учун барча хавфсизлик чоралари кўрилганига қарамай, об-ҳаво ноқулайлиги сабабли кема оқим оқизиб келган минага бориб урилган", дейилади хабарда.
Айтилишича, мина портлаши натижасида кемада тешик пайдо бўлган. Кеманинг 75 кишидан иборат экипаж аъзолари жабр кўрмаган.
Руминия ҳарбий денгиз кучлари бош штаби бошлиғининг буйруғига кўра, зарар кўрган кемани тортиб келиши учун воқеа жойига "Грозавул" кемаси жўнатилган.
Будапешт маълумотларига кўра, март ойидан то сентябргача Қора денгизнинг ғарбий қисмида 28 та денгиз минаси йўқ қилинган.