Ўзбекистон ва Туркманистон ҳамкорликда автомобиль ишлаб чиқаришни муҳокама қилди

Икки давлат бош вазирлари ўринбосарлари транспорт-логистика алоқаларини кенгайтириш масалаларини ҳам кўриб чиқишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 сен — Sputnik. Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ва Туркманистон Бош вазири ўринбосари Ботир Атдаев Тошкентда автомобиль ва бошқа техника воситаларини ҳамкорликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақида “РИА Новости” хабар берди.
Учрашув давомида томонлар Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида 2022-2025 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастурини амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқишди.
Бундан ташқари, бош вазир ўринбосарлари жорий йил охиригача савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Туркманистон-Ўзбекистон қўшма ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги 17- мажлисини ўтказиш имкониятларини муҳокама қилишди.
“Бундан ташқари, томонлар Туркманистонда биргаликда автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникаси ва маиший техника ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирди”, дейилади хабарда.
Икки давлат вакиллари транспорт-логистика алоқаларини кенгайтириш, жумладан, икки давлат ҳудуди орқали юклар транзитини рағбатлантириш, денгиз портлари имкониятларидан фойдаланган ҳолда халқаро транспорт йўлаклари бўйлаб тажриба-синов ташишни ташкил этиш масалаларини ҳам кўриб чиқишди.