ТОШКЕНТ, 8 сен — Sputnik. Жакарта ва Москва савдо-сотиқ ҳисоб-китобларини миллий валюталарга ўтказиш борасида музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Индонезиянинг Россиядаги элчиси Хосе Таварес маълум қилди.
“Банк ва молия экспертлари унда миллий валюталардаги ўзаро ҳисоб-китоб масаласи муҳокама қилинадиган учрашувларни ўтказишни режалаштиришмоқда. Албатта, бу бир қанча вақт талаб этади”, - деди элчи РИА Новости билан суҳбатда.
Таварес ҳозир Индонезиянинг Хитой, Япония ва Таиланд билан шунга ўхшаш келишувлари борлигини қўшимча қилди ва тез орада бу рўйхатга Россия ҳам қўшилишига умид билдирди.
Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми йил мобайнида 42 фоизга ошган ва 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил этган.
Аввалроқ Россия ўз ҳамкорлари билан савдо-сотиқда аста-секин миллий валюталарга ўтиш режаларини маълум қилган эди, чунки доллар ишончли захира валютаси бўлмай қолган. АҚШ ўз хатти-ҳаракатлари билан долларга бўлган ишонч йўқолишига сабабчи бўлган.