Миграция агентлиги фуқароларни Россияга ноқонуний юбораётган ташкилотдан огоҳлантирди

Агентлик фуқаролар ноқонуний ишлаётган “Ресурс Капитал” ташкилоти устидан шикоят қилаётганини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ўзбекистон фуқароларини Россияга ноқонуний юбораётган ташкилотдан огоҳлантирди.
Агентлик хабарига кўра, баъзи ижтимоий тармоқларда “Ресурс Капитал” ташкилоти томонидан фуқаролар Россияга ишга жўнатилиши ҳақида эълонлар берилмоқда. Фуқароларни хорижга ишга жўнатиш эса Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, лицензияли фаолият ҳисобланади.
"Ресурс Капитал" ташкилоти фаолияти ноқонуний
Таъкидланишича, “Ресурс Капитал” фуқароларни хорижга ишга жўнатиш учун лицензия олмаган ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига фуқаролардан ушбу ташкилот устидан кўплаб шикоятлар келмоқда. Агентлик бу ташкилот фаолияти ноқонунийлигини эслатиб ўтган.
“Шу билан бирга, ижтимоий тармоқ админларидан бу хизмат билан ноқонуний шуғулланаётган ташкилотлар тўғрисидаги маълумотларни эълон қилишда қонунчиликка риоя қилишни, фуқаролардан эса фирибгарлик қурбонига айланиб қолмасликни сўраймиз”, - дейилган хабарда.
Аввалроқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар норасмий курьерлик хизматларида ишламасликни сўраб, огоҳликка чақирган эди.