Тошкентда “Осиё болалари” халқаро кўча ўйинлари ўтказилиши мумкин

"Осиё болалари" ўйинлари халқаро қўмитаси раиси Тошкент ҳокимига 2023 йилда халқаро мусобақани қабул қилиш таклифини билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев "Осиё болалари" ўйинлари халқаро қўмитаси раиси Владимир Максимов билан учрашди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Максимов қўмита келгуси йилда амалга оширилиши кўзда тутилган, янги – "Осиё болалари" кўча ўйинлари лойиҳасини ишлаб чиққанини маълум қилди.
Унинг доирасида ўйинларни қабул қилувчи шаҳар бешта асосий ўйинга қўшимча тарзда учтагача миллий кўча ўйинларини киритишни таклиф қилиши мумкин.
Сентябрь ойида аризалар қабули бошланиши ва декабрда якунланиши кўзда тутилган. Максимов Ортиқхўжаевга Тошкент номидан ариза юбориш ва 2023 йилда мусобақани қабул қилиш таклифини билдирди.
Маълумот учун, "Осиё болалари" Халқаро ўйинлари қўмитаси 10 йил олдин ташкил қилинган. Қўмита фаолияти Осиё қитъасида Ўйинларни янада ривожлантириш, халқаро алоқаларни кенгайтириш, сермаҳсул ҳамкорликни тарғиб этиш ва болалар спортини ривожлантиришга қаратилган.
Ҳар йили қўмита 45 та Осиё мамлакатлари ва Россиянинг Осиё қитъаси ҳудудида жойлашган шаҳарларидан келган болалар ва ўсмирлар учун баскетбол, брейкинг, воркаут, скейтбординг ва граффити бўйича мусобақаларини ташкиллаштиради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бу йил Владивостокда бўлиб ўтган “Осиё болалари” ўйинларида умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритди. Ёш ўзбекистонлик спортчилар ўйинларда 41 та олтин, 28 та кумуш ва 45 та бронза, жами 114 та медаль жамғаришди.