ТОШКЕНТ, 4 сен — Sputnik. Ўзбекистонда 2023 йилдан якка тартибдаги тадбиркорлар билан ишлаганларнинг ижтимоий солиғи камайтирилади. Бу президентнинг “Норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.
2023 йил 1 январдан ЯТТлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига БҲМнинг 50 фоизидан йилига БҲМнинг бир бараваригача камайтирилади.
Савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар бундан мустасно.
2023 йил 1 январдан ўзининг шахсий томорқа ер участкасида қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланаётганлар йилига БҲМнинг камида 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўлаган тақдирда, улар расмий банд бўлган аҳоли тоифасига киритилади ва бу давр уларнинг меҳнат стажига қўшилади: чорвачилик (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар); иссиқхона; паррандачилик (бедана, курка, ғоз, ўрдак); қуёнчилик; асаларичилик; балиқчилик; боғдорчилик; лимончилик; гулчилик.
Аввалроқ яна 10 та соҳа вакиллари ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилиши хабар қилинган эди.