Ходжаев Москвада мамлакат иқтисодиётига инвестиция жалб қилиш масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Россиянинг йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 сен — Sputnik. Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев “Уралхим” компанияси раҳбарияти билан учрашди. Бу ҳақда республика Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар қилди.
Учрашув Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Россияга ташрифи доирасида бўлиб ўтган. Унда кимё саноати соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, 3 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида делегациянинг Россиянинг қурилиш, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, чакана савдо, яшил иқтисодиёт ва кўчмас мулк каби соҳаларда фаолият юритувчи бир қатор йирик компаниялар вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқот тарзида кўплаб йўналишларда ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, тажриба ва технологиялар алмашиш, инновацияларни жорий этиш, Ўзбекистон иқтисодиётига инвестицияларни жалб қилиш ва ўзаро манфаатли бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Россия бизнеси 2022 йилнинг ярим йиллигида Ўзбекистонда 399 та корхона яратган. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу республикада хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони бўйича энг яхши кўрсаткич.
Ўзбекистонда Россия корхоналарининг сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Айни пайтда республикада Россия капиталидаги 2 654 та корхона фаолият кўрсатади. Бу мамлакатда хорижий инвестициядаги деярли ҳар бешинчи компания дегани.
Ўзбекистон Россия билан қўшма инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш ниятида