ТОШКЕНТ, 3 сен — Sputnik. Россиянинг “Газпром” компанияси “Ростехнадзор”дан “Шимолий оқим”нинг ягона ишлайдиган турбинасига техник хизмат кўрсатишда носозликлар аниқлангани ҳақида огоҳлантириш олди. Шу сабабли носозлик бартараф этилмагунча газ қувури фаолияти бутунлай тўхтатилади, дея хабар берди компания матбуот хизмати.
Қайд этилишича, “Портовая” компрессор станциясидаги Trent 60 газ компрессор блокида режали техник хизмат кўрсатиш чоғида ёғ сизиб чиқиши аниқланган.
Ростехнадзор корпорацияни бундай носозликлар газ турбинали двигателнинг хавфсиз ишлашига халақит бериши ҳақида огоҳлантирган.
“Ускунанинг ишлашига оид камчиликлар бартараф этилмагунича, “Шимолий оқим” газ қувурида газ ташиш бутунлай тўхтатилди”, - дейилади “Газпром” баёнотида.
Аввалроқ, Россия давлат концерни “Газпром” Портовая компрессор станциясидаги ягона ишлаётган Trent 60 газ насос агрегати техник хизмат кўрсатиш ва режали профилактика ишлари учун 31 августдан 2 сентябрга қадар тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирган эди.
Маълумот учун, июнь ойида “Газпром” “Шимолий оқим” қувури орқали газ етказиб беришни кескин камайтирди. Россия томони етказиб бериш ҳажми камайиши фақат санкцияларга боғлиқ эканини таъкидлаган. Чунки санкциялар сабаб “Siemens”нинг хизмат кўрсатиш ва газ ўтказувчи агрегатларни таъмирлаш ишлари билан муаммолар юзага келган.