ТОШКЕНТ, 3 сен — Sputnik. Ўзбекистонда етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг контракт пули тўлаб берилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида келтирилган.
Қайд этилишича, ҳар йили базавий тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасининг бакалавриат таълим йўналишларига қабул қилинган ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг контракт тўлови Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тўлаб берилади.
Бунда ҳар бир ҳудуддан ўқишга кирган 40 нафардан, иккинчи ва ундан юқори босқичларда таҳсил олаётган 110 нафар, жами 150 нафар хотин-қизлар учун тўрт йиллик контракт қоплаб берилади.
Бунинг учун ариза олий таълим муассасаси қабул комиссиясига берилиши керак.
Аввалроқ, 2022/2023 ўқув йилида давлат ОТМларининг барча босқич (бакалавриат ва магистратура) талабалари учун тўлов-контракт миқдорлари оширилмаслиги ҳақида хабар берган эдик.