ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) ва Давлат хизматлари марказларида ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги маълум қилди.
Таъкидланишича, Ички ишлар вазирлиги томонидан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати соҳасида “Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими” жорий қилингани муносабати билан 1—5 сентябрь кунлари техник-профилактик ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.
"Шу сабабдан ЯИДХП ва Давлат хизматлари марказларида, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштириш ва бошқа автотранспорт воситасига боғлиқ давлат хизматларини кўрсатиш вақтинчалик тўхтатилади", - дейилган хабарда.
Агентлик техник-профилактик тадбирлар якунлангани қўшимча хабар берилишини қайд этган.