Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров бир-бирини Мустақиллик байрамлари билан қутлади

Суҳбат чоғида Давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини жорий йил сентябрь ойида ўтказишга келишиб олинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари шу кунларда икки мамлакатда кенг нишонланаётган мустақиллик байрамлари муносабати билан бир-бирини дилдан қутлаб, биродар ўзбек ва қирғиз халқларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Мулоқот давомида Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Шунингдек, суҳбат чоғида Давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини жорий йил сентябрь ойида ўтказишга келишиб олинди.
Транспорт ва энергетика соҳаларида минтақавий аҳамиятга молик устувор инфратузилмавий лойиҳаларни, шу жумладан “Қамбарота-1” ГЭСини қуриш лойиҳасини илгари илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбарлари, шунингдек, Марказий Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ШҲТнинг бўлажак Самарқанд саммити кун тартибини муҳокама қилишди.
Маълумот учун, жорий йил бошидан Ўзбекистон-Қирғизистон ўзаро савдо ҳажми 30 фоизга ошди.