ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Ўзбекистоннинг беш вилояти Сибирь федерал округи ҳудудлари чакана савдо тармоқларига қарийб 200 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жўнатади. Бу ҳақида “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Айтилишича, Хоразм, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳоким ўринбосарлари, тадбиркорлар ва ишбилармон доира вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Олтой, Красноярск ўлкаси, Новосибирск, Томск вилоятларининг йирик гипермаркетлар тармоғи ва улгуржи савдо марказлари раҳбарлари билан учрашди.
“Музокаралар доирасида ҳудудлар вакиллари Сибирь федерал округи ҳудудига қарийб 200 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича келишувларни имзолади”, дейилади хабарда.
Ўзбекистон томони, шунингдек, Сибирь федерал округи шаҳарларидаги улгуржи тарқатиш марказлари – Новосибирскдаги “Русагромаркет”, шунингдек, "Азия — Сибирь" ва Красноярскдаги савдо-логистика марказида экспортчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Шунингдек, тўғридан-тўғри етказиб бериш масаласи муҳокама қилинди.
Статистик маълумотларга кўра, Россия бозори Ўзбекистондан мева-сабзавот етказиб бериш бўйича анъанавий равишда биринчи ўринда туради. Январь-июнь ойларида маҳсулотларни етказиб бериш 11,6 фоизга ошиб, 163,1 млн долларни ташкил этди.