ТОШКЕНТ, 28 авг - Sputnik. Қозоғистон ҳарбий маҳсулотларни хорижга етказиб беришни вақтинча тўхтатади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур қарор бош вазир Алихан Смаилов раислигида ўтган мудофаа саноати масалалари бўйича комиссия йиғилишида қабул қилинган.
“Иштирокчилар Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлигининг қурол-яроғ, ҳарбий техника ва ҳарбий маҳсулотлар экспортини 2023 йил август ойи охиригача тўхтатиш тўғрисидаги таклифини кўриб чиқди. Бу таклиф комиссия аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, йиғилишда лицензияга эга бўлган юридик шахсларни аудиторлик текширувидан ўтказиш ҳамда “Рухсатномалар ва хабарномалар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш режалари муҳокама қилинган.
22 август куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказди, унинг аъзолари қурол ишлаб чиқариш ва сотиб олиш, шунингдек, ушбу соҳада экспорт назорати масалаларини кўриб чиқди. Учрашув якунлари бўйича давлат раҳбари қатор топшириқлар берди.
Маълумот учун, ижтимоий тармоқларда Буюк Британия Украинага етказиб бериш учун Қозоғистон ҳарбий техникасини сотиб олгани ҳақида асоссиз хабарлар тарқалган эди. Қозоғистон Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги бу маълумотни рад этди.