Италия фуқаросида бир вақтнинг ўзида COVID-19, маймун чечаги ва ОИВ аниқланди

Мутахассислар буни тиббиёт тарихидаги илк ҳолат, деб баҳоламоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Италияда 36 ёшли беморга бир вақтнинг ўзида COVID-19, маймун чечаги ва ОИВ ташхиси қўйилди. Мутахассислар буни тиббиёт тарихидаги илк ҳолат, деб баҳоламоқда.
Қайд этилишича, организмда аниқланган инфекцияларнинг бундай комбинацияси бемор саломатлигига қанчалик хавфли таъсир кўрсатиши хусусида ҳали ҳеч қандай далиллар йўқ.
Маълум бўлишича, Италия фуқароси бир муддат аввал Испанияга беш кунлик саёҳатга борган. Сафардан қайтгач, тўққиз кун давомида тана ҳарорати 39 даражага кўтарилиб, томоқ ва бош оғриғи ҳамда ҳолсизликдан азият чеккан.
Тиббий текширувлар давомида унда СOVID-19 қайд этилган. Бироқ шу куннинг иккинчи ярмида бемор чап қўлида тошмалар пайдо бўла бошлаган.
Эртаси куни эса деярли бутун танани оғриқ берувчи пуфакчалар қоплаган. Қўшимча текширувлардан сўнг у маймун чечаги вируси ва ОИВ инфекциясини ҳам юқтиргани аниқланди.
Аслида маймун чечагининг ОИВга чалинган беморларда қайд этилиши аввалроқ маълум бўлганди. Аммо бу комбинацияга коронавирус ҳам қўшилиши мутахассислар учун янгилик бўлди.
Айни пайтда олимлар мазкур ҳолатни чуқурроқ ўрганиш юзасидан тегишли тадқиқотлар олиб бормоқда.