ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Самарқандда Имом Бухорий ҳаётини кўрсатувчи электрон музей ташкил этилади. Президент Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш чоғида шундай таклифни билдирди.
Қайд этилишича, Имом Бухорий зиёратгоҳида мақбара, улкан масжид, миноралар, айвонлар барпо этилмоқда.
Самарқандда Имом Бухорий ҳаётини кўрсатувчи электрон музей ташкил этилади
© Пресс-служба президента Узбекистана
"Бу лойиҳани кўп муҳокама қилдик, қайта-қайта келиб кўрдик. Энди қурилишда ҳам шошмаслик керак. Ҳам зиёрат, ҳам ибодат нуқтаи назаридан бу ерда ҳамма шароит бўлиши зарур", - дейди Шавкат Мирзиёев.
Президент ўз сўзида Мадина шаҳрида пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом цивилизацияси музейига ташрифи ҳақида айтиб ўтди.
Самарқандда Имом Бухорий ҳаётини кўрсатувчи электрон музей ташкил этилади
© Пресс-служба президента Узбекистана
“Бу ерда ҳам шунга ўхшаш музей ташкил этсак, яхши бўлар эди. Унда Имом Бухорий бобомизнинг ҳаёти, илм йўли, ўша давр тарихи ахборот технологиялари орқали кўрсатилади. Булар ёшлар, чет эллик сайёҳларнинг яққол тасаввурида қолади. Музей халқимизга яна бир маънавий хазина бўлади”, - деди президент.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигига бу борада лойиҳа тайёрлаш топширилди.
Шавкат Мирзиёев Ҳазрати Ҳизр мажмуасига бориб, Ислом Каримов мақбарасини ҳам зиёрат қилди.