ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғ атрофидаги вазиятни муҳокама қилди, минтақада барқарорликни таъминлашда Россия тинчликпарвар кучларининг ролини қайд этишди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбат Арманистон томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтган.
“Тоғли Қорабоғ атрофидаги вазият муҳокамаси давом этди. Россия, Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари ўртасида 2020 йил 9 ноябрь ва 2021 йил 11 январь, 26 ноябрдаги уч томонлама келишувларни изчил амалга ошириш муҳимлиги тасдиқланди. Шу билан бирга, Россия тинчликпарвар контингентининг минтақада барқарорликни таъминлашдаги ўрни таъкидланди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бундан ташқари, Россия ва Арманистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг айрим долзарб масалалари кўриб чиқилган.
2020 йил сентябрь ойи охирида Тоғли Қорабоғда жанговар ҳаракатлар қайта бошланди, бу узоқ муддатли можаронинг давомига айланди ва тинч аҳолининг қурбон бўлишига олиб келди. Томонлар сулҳ тузишга бир неча бор уринган, бироқ 10 ноябрга ўтар кечаси эришилган уч томонлама келишув муваффақиятли бўлган. Москва воситачилигида Озарбайжон ва Арманистон ўт очишни тўлиқ тўхтатишга ҳамда асирлар ва ўлганларнинг жасадларини алмашишга келишиб олган.
Бундан ташқари, Ереван Бокуга Келбажар ва Лочин вилоятларини, шунингдек, урушлар оралиғида тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси назорати остида бўлган Агдам вилоятининг бир қисмини топширган. Минтақада Россия тинчликпарвар кучлари жойлаштирилган.