Покистон ўзбекистонлик ҳайдовчилар учун махсус виза жорий этишни режалаштирмоқда

Янги виза билан халқаро юк ташувчи ҳайдовчилар 6 ой чегарани тўсиқсиз кесиб ўтиши мумкин бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. Покистон ва Афғонистон ўзаро юк машиналари ҳайдовчилари учун махсус виза жорий қилмоқда. Ўзбекистон ҳам дастурга қўшилиши мумкин, деб хабар беради “Pakistan Today”.
Покистон савдо вазири Навид Қамарнинг сўзлари кўра, янги визалар икки мамлакат юк ташувчиларига чегарани тўсиқсиз кесиб ўтиш имконини беради. Бу улар ўртасидаги товар айланмаси ҳажмини оширишга ёрдам беради.
Визанинг амал қилиш муддати 6 ой бўлади. Келгусида уларни ўзбекистонлик ҳайдовчиларга ҳам бериш режалаштирилган. Бунинг учун уч давлат ўртасида виза шартномаси тузилади.
Покистон вазири Марказий Осиёда экспортчилар учун кенг имкониятлар мавжудлигини қайд этди. Мамлакат ҳукумати Покистонни минтақавий савдо ва транспорт марказига айлантириш ниятида.
Покистон аллақачон Ўзбекистон билан транзит савдоси бўйича шартнома имзолаган. Қамарнинг сўзларига кўра, айни пайтда Қозоғистон ва Қирғизистон билан бу борада музокаралар олиб борилмоқда.
Аввалроқ ўзбекистонлик ҳайдовчиларнинг Туркманистон визасини олиши осонлашиши мумкинлиги хабар қилинган эди.