Имрон Хонга терроризм бўйича айблов қўйилди

Айблов Имрон Хоннинг 20 август куни Исломободда қилган нутқидан келиб чиққан.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. Покистон полицияси собиқ бош вазир Имрон Хонга терроризмга қарши курашиш тўғрисидаги қонунни бузганлик бўйича айблов қўйди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар бермоқда.
Қайд этилишича, айблов Имрон Хоннинг 20 август куни Исломободда қилган нутқидан келиб чиққан бўлиб, унда у полиция ва судьяни судга бериш нияти борлигини маълум қилган ҳамда ҳибсга олинганидан кейин яқин ёрдамчиси қийноққа солинганини иддао қилган.
Айни дамда Хон озодликда қолмоқда ва унинг партиясининг юзлаб тарафдорлари полиция сиёсатчини ҳибсга олишига йўл қўймаслик учун собиқ бош вазирнинг уйини қуршаб олган. Хоннинг адвокати бир вақтнинг ўзида Олий суддан мижозини ҳибсга олишни тақиқлашни сўраган.
Маълумот ўрнида, Имрон Хон бир неча йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Покистон парламенти апрель бошида бош вазир Имрон Хонга ишончсизлик вотуми билдиришни ёқлаб овоз берган эди ва у лавозимидан четлаштирилган эди. Унинг ўрнини мухолифат партиясидан бўлган Шаҳбоз Шариф эгаллаган.