ТОШКЕНТ, 22 авг - Sputnik. Ўзбекистонда 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб ҚҚС миқдори 12%га туширилишини ҳамда бизнес учун солиқ юкини камайтиришни ваъда берди. Бу ҳақида президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда тадбиркорлар билан бўлиб ўтаётган учрашувда айтиб ўтди.
"Лекин сизларни ишонтириб айтаман: биз ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз ва 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга туширамиз!", - деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 1 июлдан бошлаб бўш бино, фойдаланилмаётган ер участкасига нисбатан мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкаларини қўллаш бекор қилинганини ҳам айтиб ўтди ва аввал юқори ставкаларда ҳисобланган 2 триллон сўмлик солиқ қарзларидан "бутунлай воз кечишни" таклиф қилди.
Ундан ташқари, президент тадбиркорлар имкониятларини кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизимини яратишни ва ушбу ишлар учун кичик бизнес лойиҳаларига 20 триллион сўм йўналтиришни таклиф қилди.
Ва шу билан бирга президент тадбиркорларга фақат кредит беришни эмас балким бизнес юришиб кетиши учун инфратузилма, етарли шарт-шароит ва кафолатли бозор билан таъминлаш кераклигини алоҳида қайд этди.
Ушбу мақсадларга эриши учун туман ва шаҳарларнинг шароитидан келиб чиқиб бизнес учун алоҳида ёндашувлар жорий этилади.