Путин АҚШни унинг ўз усули билан мағлуб этади - “The National Interest”

Маркс: Украина можароси қандай якунланишидан қатъи назар, Қўшма Штатлар стратегик йўқотишларга дучор бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 авг — Sputnik. Украинадаги можаро қандай оқибатларга олиб келишидан қатъи назар, Америка Қўшма Штатлари барбод бўлади. Бу ҳақда “The National Interest” нашри учун Рамон Маркс ёзган.

“Украина можароси қандай якунланишидан қатъи назар, Қўшма Штатлар стратегик йўқотишларга дучор бўлади. Россия Хитой ва Евроосиё қитъасининг бошқа давлатлари, жумладан Ҳиндистон, Эрон, Саудия Арабистони ва Форс кўрфази давлатлари билан яқинроқ муносабатлар ўрнатади”, - дейилади мақолада.

Маркснинг қайд этишича, яқин йилларда Пекин ва Москва икки давлат ўртасидаги нефть ва газ ташиш йўналишларини кенгайтиришга катта миқдорда сармоя киритади, бу эса Россияга Хитойга қазиб олинадиган ёқилғи етказиб берувчи асосий давлатга айланиш имконини беради.

“Россия Ҳиндистон билан ҳам энергетика бизнесини сезиларли даражада кенгайтирди. Россиянинг қазиб олинадиган ёқилғиларини бу мамлакатга сотишнинг кўпайиши АҚШ, Австралия ва Япониянинг Деҳлига яқинлашиш ҳаракатларига зарар келтиради”, - деб эслайди журналист.

Муаллифнинг фикрича, Қўшма Штатлар учун яна бир муаммо бу Россияга қарши санкцияларнинг таъсири бўлди. Маркс Қўшма Штатлар энди дунёдаги ягона ҳукмрон куч эмас, деган хулосага келган.
Украинани денацификация ва демилитаризация қилиш бўйича махсус ҳарбий операция бошланганидан сўнг Ғарб Москвага нисбатан санкциялар босимини кучайтирди. Чекловчи чоралар биринчи навбатда банк сектори ва юқори технологияли маҳсулотларга таъсир кўрсатди. Кўпгина брендлар Россиядан чиқишини эълон қилди.
Россия президенти Владимир Путин Россияни жиловлаш ва кучсизлантириш сиёсати Ғарб учун узоқ муддатли стратегия эканлигини ва санкциялар бутун жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба берганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Европанинг асосий мақсади миллионлаб одамлар ҳаётини ёмонлаштиришдир.