ТОШКЕНТ, 22 авг — Sputnik. 2023 йил 1 январдан бошлаб микро бизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади. Бу ҳақида Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давомида маълум қилинди.
Қайд этилишича, учрашув давомида Шавкат Мирзиёев соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш юзасидан 5 та йўналишда ташаббусларни билдирди.
Биринчи йўналиш – корхоналарни тоифаларга ажратиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашувни белгилаш.
Бунда, корхоналар йиллик айланмаси бўйича тоифаларга ажратилади.
Булар:
1 миллиард сўмгача бўлгани – микро бизнес;
10 миллиард сўмгача бўлгани – кичик бизнес;
100 миллиард сўмгача бўлгани ўрта бизнес тоифасига киради.
Бунда, олис ҳудудлардаги ва алоҳида тоифадаги тадбиркорлар учун амалдаги 1 ва 2 фоизли ставкалар сақлаб қолинади.
Ёки, улар ихтиёрий равишда йилига 20-30 миллион сўм тўласа, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ идораларига тақдим этиш мажбуриятидан озод этилади.
Иккинчи тоифа, яъни айланмаси 1 миллиард сўмдан ошиб, умумий солиқ тўлаш тартибига ўтган корхоналар бир йил давомида фойда солиғини 2 баробар кам тўлайди.
"Ушбу имкониятлар 370 минг тадбиркорга енгилликлар яратади ва уларга жуда катта стимул беради", дейди президент.
Шунингдек, президент тез ўсиб бораётган юқори салоҳиятли ўрта корхоналар сонини ҳозирги 3,5 мингтадан 10 мингтага етказиш зарурлигини таъкидлади.
Бунинг учун, 2023 йил 1 январдан:
кичикдан ўрта бизнесга ўтган корхоналар икки йил давомида фойда солиғининг фақат 50 фоизини тўлайди;
мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади;
соддалаштирилган солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботлари жорий этилади;
давлат харидларида 20 фоиз квота ўрнатилиб, ушбу харидлар доирасида уларга олдиндан 50 фоиз маблағ тўлаб берилади (амалда 15 фоиз).
Қолаверса, 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга туширилиши қайд этилди.
Айтилишича, 1 июлдан бошлаб бўш бино, фойдаланилмаётган ер участкасига нисбатан мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкаларини қўллаш бекор қилинган. Лекин аввал ошириб ҳисобланган солиқлар нима бўлади, деган савол 19 минг тадбиркорни безовта қилмоқда ва бу бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушган.
Президент ўз сўзида “тадбиркорларнинг оширилган солиқ ставкалари бўйича ҳисобланган 2 триллион сўмлик қарзларидан бутунлай воз кечсак, нима дейсизлар?", - дея мурожаат қилди.