“Толибон”* ёлланган жангариларни Украинага ўтказмасликка кафолат берди

“Толибон”* Афғонистон ҳудудидан Россия ва Марказий Осиё давлатлари хавфсизлигига ҳеч қандай таҳдид бўлмаслигига ваъда берган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. “Толибон”* ҳаракати ўз имкониятлари доирасида террорчилик ташкилотлари, жумладан ИШИД** жангариларини Украинага ўтказишга йўл қўймаслигини кафолатлади. Бу ҳақда Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов РИА Новости агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
“Толибон” ўзининг ҳақиқий имкониятлари доирасида (бунга) йўл қўймаслигига кафолат берди. Ва улар мутлақо иккиюзламачилик қилмайди”, дея қўшимча қилди юқори мартабали дипломат.
Ўтган йилнинг август ойида ҳокимият тепасига келган “Толибон”* Афғонистон ҳудудидан Россия ва Марказий Осиё давлатлари хавфсизлигига ҳеч қандай таҳдид бўлмаслигига ваъда берган эди.
2021 йил август ойи бошида “Толибон”* афғон ҳукумат кучларига қарши ҳужумни кучайтириб, 15 август куни Кобулга кириб келди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди. Август ойининг сўнгги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимоясида бўлган Кобул аэропортидан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонлар оммавий эвакуация қилинган эди.
31 августга ўтар кечаси америкалик ҳарбийлар Кобул аэропортини тарк этиб, АҚШнинг Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий иштирокига якун ясади. Сентябрь ойи бошида Афғонистон муваққат ҳукумати таркиби эълон қилинди.
* ташкилот террорчилик фаолияти учун БМТ санкциялари остида
** Россия ва бошқа бир қатор давлатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти