ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маймун чечаги вируси номини ўзгартириш бўйича кенг жамоатчиликка мурожаат билан чиқди.
Қайд этилишича, бунга олимлар ва тиббиёт мутахассислари томонидан мазкур хасталик нотўғри номланганига доир такрорий эътирозлар сабаб бўлган.
Аслида, вирусларга ном бериш ЖССТ ваколатига киради. Бироқ бу гал одамларга онлайн портал орқали ўз таклифларини етказиши учун имконият яратилди.
Маймун чечагининг Конго ҳавзаси версияси энди "I тур", Ғарбий Африка варианти эса “II тур” деб аталадиган бўлди.
Вируснинг ўзига эса кенг жамоатчилик таклифлари асосида яқин истиқболда қайта ном берилиши кутиляпти.
Маълумот учун, маймун чечаги атамаси 1958 йилда истилоҳга киритилган. Вируснинг асосий вариантлари улар кенг тарқалган географик ҳудудларга қараб номланган.
Бироқ замонавий амалиётга кўра, янги аниқланган вируслар, инфекциялар мутациялари ва улар билан боғлиқ касалликлар атамалари маданий, ижтимоий, миллий, минтақавий, касбий ёки этник жиҳатдан камситувчи мазмунга эга бўлмаслиги зарур.
Қолаверса, савдо-сотиқ ёки йўловчи ташиш жамиятлари фаолияти, туризм ҳамда ҳайвонот дунёсига нисбатан муносабатларга салбий таъсир кўрсатмаслиги керак.