ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Магистратурада ўқиётган хотин-қизлар ҳар ўқув йилининг 15 сентябригача ўзи ўқиётган олий таълим муассасаси ректори номига ариза бермаса, уларнинг контракт пули давлат бюджетидан қоплаб берилмайди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, давлат ОТМларининг магистратура босқичига ўқишга қабул қилинган ва ўқиётган хотин-қизларга базавий тўлов-контракт (стипендиясиз) суммалари тўлиқ тўлаб берилади. Бунинг учун талабгорлар ўзлари таълим оладиган ОТМ ректори (филиал директори) номига 15 сентябрга қадар ариза билан мурожаат қилиши керак.
Шу асосда ректорлар (филиал директорлари) ҳар йили 15 октябргача тегишли буйруқни қабул қилади. 15 сентябрдан кейин берилган аризалар кўриб чиқилмайди ва тўлов-контракт суммалари қоплаб берилмайди.
Бу тартиб давлат олийгоҳлари билан бирга, қуйидагиларга нисбатан ҳам татбиқ этилади:
Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси;
Бош прокуратура Академияси;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби;
Банк-молия академияси.
Шунингдек, бу тартиб нодавлат ОТМлар ва хорижий ОТМларнинг Ўзбекистондаги филиалларида магистратура босқичида таҳсил олаётган талаба хотин-қизларга нисбатан тадбиқ этилмайди.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилнинг 7 мартидаги фармонига мувофиқ, 2023 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасаларида магистратурада ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қоплаб берилади ва бунга ҳар йили камида 200 миллиард сўм ажратилади.