АРМИ-2022

АрМИ-2022: Ўзбекистон яна икки йўналишдаги мусобақаларни ишончли ғалаба билан бошлади

АрМИ-2022 доирасида ўзбекистонлик ҳарбийлар “Элбрус ҳалқаси” ва “Дала ошхонаси” мусобақасининг дастлабки баҳсларида энг юқори балларни қўлга киритишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 авг — Sputnik. Ўзбекистон жамоаси Халқаро армия ўйинлари доирасида ўтказиладиган “Элбрус ҳалқаси” мусобақасини ишончли ғалаба билан бошлади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Кабардино-Балкариянинг (Россия)Терскол ҳудудида ўтказилаётган “Элбрус ҳалқаси” мусобақасида Арманистон, Абхазия, Россия, Ўзбекистон, Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Уганда ва Жанубий Осетия вакиллари иштирок этди.
Жамоалар биринчи шарт бўйича ўзаро беллашди. Турли мураккабликдаги вазифаларни ўз ичига олган жами 16 та шартнинг дастлабкиси сунъий қоя рельефига якка тартибда тезкор чиқиш эди.
1 / 4
2 / 4
3 / 4
4 / 4
Биринчи шарт якунларига кўра, Ўзбекистон жамоаси энг яхши натижа кўрсатиб (811 балл), биринчи ўринни қўлга киритди. Қозоғистонликлар иккинчи ўринни (757 балл) банд этган бўлса, Россия жамоаси кучли учликдан (708 балл) ўрин олди. Бу биринчи шарт бўйича жамоаларнинг қўлга киритган натижаларидир. Ҳали олдинда яна бир-биридан мураккаб, бир-биридан қийин 15 та шарт бор.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар ўтган йили “Элбрус ҳалқаси” мусобақасида фахрли 2-ўринни қўлга киритган эди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳарбийлари Жиззахдаги "Фориш" тоғ полигонида ўтказилаётган “Дала ошхонаси” мусобақасининг дастлабки босқичи, яъни “Отиш тайёргарлиги” баҳсларида муваффақиятли қатнашишди.
Мусобақа якунига кўра умумжамоа ҳисобида қуйидаги натижалар қайд этилди: Ўзбекистон - 92,8 балл; Вьетнам - 83,5 балл; Россия - 72,2 балл; Беларусь - 71,5 балл; Тожикистон - 62,0 балл.
Аввалроқ Ўзбекистон вакиллари “Танк биатлони”нинг биринчи мусобақаси - "Индивидуал пойга"да ўз гуруҳида етакчиликни қўлга киритишган эди.
АРМИ-2022
АРМИ-2022: Ўзбекистон жамоасининг танк биатлонида иштироки бошланди - видео