ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Бугун, 11 августдан бошлаб Тошкентдан Россиянинг Нижний Новгород шаҳрига мунтазам автобус қатновлари қайта тикланади. Бу ҳақда Tashtrans.uz хабар берди.
Қайд этилишича, автобус Тошкент автовокзалидан ҳар пайшанба куни эрталаб соат 06:00 да йўлга чиқади. Чипта нархи 953 минг сўм.
Йўналиш масофаси 3 минг км. Қатновга сарфланадиган умумий вақт 40 соатни ташкил қилади.
Йўлга чиқаётган ҳар бир автобусга учтадан ҳайдовчи бириктирилган. Ҳар бир ҳайдовчи тиббий, автобуслар эса техник кўрикдан ўтказилади. Ҳайдовчилар ҳар тўрт соатда алмаштирилади.
Пандемия сабаб вақтинча тўхтатиб қўйилган Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги автобус қатновлари 18 июлдан бошлаб қайта йўлга қўйилди. Айни пайтда қуйидаги йўналиш бўйича қатновлар амалга оширилмоқда: Тошкент-Москва - душанба ва пайшанба кунлари; Тошкент-Қозон - сешанба ва жума кунлари; Тошкент-Санкт-Петербург - чоршанба ва якшанба; Тошкент-Омск - сешанба ва шанба; Тошкент-Новосибирск - душанба куни.