"Dori-Darmon" аптека тармоғининг 51 % акциялари хусусийлаштирилади

Хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компанияси танлаб олиниши юзасидан танлов эълон қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. "Dori-Darmon" компаниясининг 51 % акциялар пакетини хусусийлаштириш жараёнлари бошланди. Бу ҳақида Давлат авктивларини бошқариш агентлиги хабар берди.
Агентлик "Dori-Darmon" устав капиталидаги 51 фоиз акциялар пакетини хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компанияси танлаб олиниши юзасидан танлов эълон қилди.
Талабгорларнинг тижорат таклифлари 27 август куни соат 18:00 га қадар қабул қилинади.
Агар биргаликда қўшма тижорат таклифи тақдим этилса, жалб қилинган шерик-консултантнинг ҳам ишини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ва жавобгарликни зиммасига оладиган асосий консултант кўрсатилиши лозим.
Маълумот учун, "Dori-Darmon" — Ўзбекистондаги ривожланаётган фармацевтика бозоридаги етакчи улгуржи ва чакана савдо компанияси ҳисобланади.
Жамиятнинг ҳудудий бўлинмалари мавжуд бўлиб, улар таркибига 7 та акциядорлик жамияти ва 14 та масъулияти чекланган жамият, жумладан, 17 та омборхона, 15 та таҳлил лабораторияси киради.
Ўтган йил якунига кўра, компания 402,1 млрд сўм соф тушум ва 32,6 млрд сўм соф фойда олган.