Олий судга янги раис сайланди

Козимжон Комилов саломатлиги туфайли ўз хоҳиши билан Олий суди раиси лавозимидан озод этишни сўраб мурожаат қилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. Бахтиёр Исломов Ўзбекистон Олий суди раиси этиб сайланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ўттизинчи ялпи мажлисида маълум қилинди.
Мажлисда сенаторлар президент киритган Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ваколатини муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги тақдимнома муҳокама қилишди.
Таъкидланишича, Олий суди раиси Козимжон Комилов саломатлиги туфайли ўз хоҳиши билан эгаллаб турган лавозимидан озод этишни сўраб мурожаат қилган. У мазкур лавозимга 2017 йилда тайинланган эди. Жорий йил июнида эса лавозимига қайта сайланган эди.
Сенат мажлисда бўлиб ўтган муҳокама натижасида уни Ўзбекистон Олий суди раиси лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Шунингдек, мажлисда президент тақдим этган мамлакат Олий суди раислигига номзод муҳокама қилинган.

"Муҳокама якунида сенаторлар томонидан суд тизимида ҳамда маъмурий органларда раҳбарлик лавозимларида кўп йиллар мобайнида ишлаб келган Бахтиёр Исломов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси этиб сайланди", - дейилган хабарда.

Шунингдек, ялпи мажлисда Конституциявий суд таркибига ўзгартиришлар киритиш масаласи кўриб чиқилди.
Амалдаги Конституциявий суд таркибининг қонун билан белгиланган амал қилиш муддати жорий йилнинг август ойида тугайди. Шу муносабат билан президент томонидан тақдим этилган Конституциявий суднинг янги таркиби муҳокама қилинди.
Сенаторлар маъқуллаган Конституциявий суд судьялигига номзодлар юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди. Бунда янги сайланган таркиб Конституциявий суднинг амалдаги таркиби ўз фаолиятини якунлаганидан сўнг ишга киришиши белгиланди.
Конституциявий суднинг янги таркиби
Бахтиёр Исломов муқаддам Фарғона ва Тошкент вилоятларида судья бўлган, 2020 йил ноябригача жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси бўлган. У 2020 йил ноябрида президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергеновнинг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.
Орадан бир йил ўтиб, Рустам Иноятов ўрнига президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида иш бошлаган эди.