ШҲТ-2022: Самарқанд саммити

Тошкентда ШҲТ II Иқтисодий форуми бўлиб ўтади

Иқтисодий форуми нафақат ҳукуматлараро мулоқотни йўлга қўйиш, балки ишбилармон доиралар, корхоналар вакилларининг ўзаро ҳамкорлигини ўрнатишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. 16-17 август кунлари Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) II Иқтисодий форум ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, тадбирнинг асосий мақсади томонларнинг эътиборини ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш муаммолари ва истиқболларига қаратиш, ШҲТ маконидаги алоқаларни кенгайтириш бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқишдан иборат.
Форум доирасида ялпи мажлис, панель мунозаралари, икки томонлама учрашувлар, B2B музокаралар ўтказилади. Унинг кун тартиби рақамли иқтисодиёт, "яшил" технологиялар, ҳудудлараро ҳамкорлик, инвестициявий, саноат ҳамкорлигини кенгайтириш ва ўзаро муносабатларнинг бошқа устувор йўналишларининг салоҳиятини очиб беришга қаратилган.
ШҲТ Иқтисодий форуми нафақат ҳукуматлараро мулоқотни йўлга қўйиш, балки ишбилармон доиралар, корхоналар вакилларининг ўзаро ҳамкорлигини ўрнатиш ҳамда ШҲТ макони ҳудудларига инвесторларни жалб қилиш учун самарали платформага айланиши кутилмоқда.
Биринчи бундай форум 2021 йилнинг июнь ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган эди.