ТОШКЕНТ, 10 авг - Sputnik. "АрМИ—2022" халқаро армия ўйинлари доирасида Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ташкил қилинаётган “Содиқ дўст” мусобақаси иштирокчилари, манзилга етиб келиб мусобақага тайёргарликни бошлаб юборишган, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги.
Жамоалар мусобақа бўлиб ўтадиган ҳудудда дастлабки тайёргарлик машғулотларини олиб бормоқда. Улар беллашув ўтказиладиган ўқув нуқталари билан яна бир бор танишиб чиқиб, мусобақа шартлари ва кетма-кетлиги бўйича иш олиб бормоқда.
Ҳарбий хизматчиларнинг хизмат итлари билан биргаликда маҳоратини синовдан ўтказадиган мазкур йўналиш мусобақаси ўзининг бир қатор мураккабликлари билан алоҳида ажралиб туради. Ироданинг мустаҳкамлиги, кучли сабр-бардош ва ўзига бўлган ишонч мусобақада катта аҳамият касб этади.
Эслатиб ўтамиз, бу йил Ўзбекистон "АрМИ—2022" халқаро армия ўйинларининг бешта мусобақасига мезбонлик қилмоқда.
Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида “Содиқ дўст” мусобақасиди иштирок этиш учун етиб келган иштирокчилар учун дастлаб Тошкентдаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ҳамда "Шон-шараф" давлат музейига экскурсия ташкил қилинди.