ТОШКЕНТ, 7 авг — Sputnik. Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ченнай (Ҳиндистон) шаҳрида ўтказилаётган қирқ тўртинчи Жаҳон шахмат олимпиадасининг 9-турида Арманистон устидан зафар қучди.
7 август куни бўлиб ўтган учрашув 3:1 ҳисобида ўзбекистонлик шахматчилар фойдасига ҳал бўлди. Арманистон терма жамоасининг ўртача рейтинги (2637) Ўзбекистон жамоасидан (2606) бироз юқорироқ эди ва рақиб жамоа аввал турнирда мағлуб бўлмаганди.
9-раунднинг илк ғалабасини Жавоҳир Синдаров (2629) Самвел Тер-Саакян (2625) устидан бошлаб берган бўлса, Нодирбек Ёқуббоев (2620) ва Нодирбек Абдусатторов (2688) Грант Мелкумян (2634) ва Габриэл Саргисян (2698) билан дуранг ўйнашди.
Охирги очкони Жаҳонгир Воҳидов (2564) Роберт Ованнисянга (2591) қарши ўйинда қўлга киритди.
Тўққиз тур якунларига кўра, Ўзбекистон 16 очко билан 188 та жамоа иштирок этаётган турнир жадвалида пешқадамга айланди. Ҳиндистон-2 жамоаси Озарбайжон билан дуранг ўйнади (2:2) ва 15 очко билан иккинчи ўринда қолди.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси (2094) эса Исроилга (2247) 1,5:2,5 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Олимпиаданинг 10-турида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ҳиндистон (IND2) терма жамоасига қарши баҳс олиб боради.