Диёра Келдиёрова дзюдо бўйича икки карра Осиё чемпиони бўлди – видео

Ўзбекистонлик дзюдочи Қозоғистондаги Осиё чемпионатида иккинчи бор қитъа чемпиони унвонига сазовор бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. Диёра Келдиёрова Қозоғистонда бўлиб ўтаётган дзюдо бўйича Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
-52 кг вазн тоифасида Диёра Келдиёрова барча рақибаларидан устун келди. Финалда у амалдаги жаҳон чемпиони япониялик Аи Шишимени 1 дақиқадаёқ мағлубиятга учратиб, иккинчи бор Осиё чемпионлигини қўлга киритди.
Шунингдек, Муҳриддин Тиловов (-66 кг) ва Нилуфар Эрмагамбетова ( -57 кг) бронза медалига сазовор бўлишди.
Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида дзюдо бўйича катта ўртасида Осиё чемпионати баҳслари бўлиб ўтмоқда. У 7 августга қадар давом этади. Мусобақада қитъанинг 19 та давлатидан 178 нафар спортчи ғолиблик учун кураш олиб боришмоқда. Ўзбекистон шарафини 17 нафар дзюдочи ҳимоя қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Диёра Келдиёрова 2019 йилда ҳам Осиё чемпиони унвонига сазовор бўлган эди.