ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси дуранг, аёллар терма жамоаси эса ғалаба қайд этди. Бу ҳақида Спортни ривожлантириш вазирлиги хабар берди.
Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтаётган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг тўртинчи куни ўз якунига етди.
Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси кучли рақиб АҚШ терма жамоаси билан баҳс олиб борди.
Нодирбек Абдусатторов америкалик рақиби устидан ғалаба қозонди, Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидов дуранг қайд этди. Жавоҳир Синдоров мағлубиятга учради.
Ўзбекистонлик шахматчи қизлар Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ғалаба қозонишди
© Спортни ривожлантириш вазирлиги
Шу тариқа, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси кучли рақиб АҚШ эркаклар жамоаси билан 2:2 ҳисобда дуранг қайд этди.
Қизлар эса Доминикан Республикасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Нилуфар Ёқуббоева ва Умида Омонова дуранг ўйнади, Мафтуна Бобомуродова ва Маржона Маликова ғалаба қозонди.
Маълумот учун, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 1-турда Непал, 2-турда Фарер ороллари ва 3-турда Словакия терма жамоасини мағлубиятга учратган эди. Аёллар терма жамоаси 1-турда Гана терма жамоаси мағлуб этган бўлса, 2-турда АҚШ терма жамоасига ютқазиб қўйган, 3-турда эса Замбия терма жамоаси устидан ишончли ғалабани расмийлаштирган эди.
45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси 2024 йил Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида ўтказилади. 2026 йил ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси мезбонлиги учун Ўзбекистон ҳам даъвогарлик қилмоқда.