ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. Бугун Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов “Ўзбекистон-Озарбайжон-Туркия” мулоқот форматининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун Тошкентга келган Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушоғлу билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ хабар берди.
Мулоқот чоғида икки давлат ташқи сиёсати етакчилари ўзаро савдо ҳажмини ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, маданий-гуманитар ва туризм алмашинувларини кенгайтириш юзасидан олий даражада эрилишилган келишувлар ижросига алоҳида эътибор қаратган.
Владимир Норов Мевлут Чавушоғлу билан мулоқот қилди
© Sputnik/Зафар Халилов
Ўзбекистон ва Туркиянинг халқаро институтлар доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлиги таъкидланган.
Дунёдаги ва минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашган. Туркия делегацияси Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича бўлиб ўтган конференция натижаларини юқори баҳолаган. Афғонистон йўналишидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттириш ва бу мамлакатга гуманитар ёрдам кўрсатишга икки томон ҳам тайёрлиги эътироф этилган.
Владимир Норов Мевлут Чавушоғлу билан мулоқот қилди
© Sputnik/Зафар Халилов
Мевлут Чавушоғлу Тошкент шаҳрида ташқи сиёсат, савдо, иқтисодиёт ва транспорт масалалари учун масъул бўлган вазирликлар раҳбарлари иштирокида “Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия” мулоқотининг биринчи йиғилишини ўтказиш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаган.
Икки ва кўп томонлама даражада режалаштирилган тадбирлар, шу жумладан, Самарқанддаги Туркий давлатлар ташкилоти саммитига тайёргарликнинг ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилган.