Си Цзиньпин Байденнинг "кулини кўкка совурди" – AS

Мақолада келтирилишича, Байден ва Си Цзиньпин ўртасидаги суҳбат АҚШ бошчилигидаги бир қутбли дунё тугаганининг яққол далилидир.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 авг — Sputnik. Хитой етакчиси Си Цзиньпин Америка Қўшма Штатлари президенти Жо Байден билан Тайвань мавзусида бўлиб ўтган телефон суҳбатида ундан мутлақ устун келган ва бу Вашингтон бошчилигидаги бир қутбли дунё даври тугаганидан дарак берди, деб ёзади геосиёсат бўйича эксперт Фрэнсис Семпа “American Spectator” журнали учун тайёрлаган мақоласида.
Мақола муаллифига кўра, ОАВда давлат раҳбарлари ўртасидаги суҳбат мазмуни ҳақидаги хабарлар Си Цзиньпин америкалик ҳамкасбини Тайвань билан боғлиқ вазиятга аралашишдан қаттиқ огоҳлантирганини кўрсатмоқда, бироқ Оқ уй бу ҳақда стенограммада эслатиб ўтмаган.

“Байден Си Цзиньпин “уни тор-мор қилганини” тан олишини кутманг. Аммо, афтидан, бу уларнинг узоқ суҳбатлари давомида содир бўлган нарсадир”, деб ёзди Семпа.

Унинг қўшимча қилишича, Байден ва Си Цзиньпин ўртасидаги суҳбат АҚШ бошчилигидаги бир қутбли дунё тугаганининг яққол далилидир.
Таҳлилчининг фикрича, Хитой АҚШда заифлик ва тарқоқликни сезди, шунингдек, Байденнинг оммавий нутқ пайтида дудуқланиши ҳамда унинг мамлакатдаги рейтинги тарихий энг паст даражага тушиб кетганини ҳам ҳисобга олди.

“Энг муҳими, Хитой Байден маъмурияти томонидан АҚШнинг Афғонистондан қўшинларини муваффақиятли олиб чиқа олмаганининг гувоҳи бўлди”, дейилади мақолада.

Эслатиб ўтамиз, 28 июль куни Байден Си Цзиньпин билан икки соатдан кўпроқ давом этган телефон суҳбати ўтказди. Мулоқот чоғида Хитой Халқ Республикаси раҳбари Хитой сепаратизм ва “Тайвань мустақиллиги” ҳамда бу масалага ташқи кучларнинг ҳар қандай аралашувига қатъий қарши эканлигини маълум қилди.
“Биз айирмачилик ва “Тайвань мустақиллиги”, шунингдек, ташқи кучларнинг аралашувига қатъий қаршимиз. Халқ иродасига қарши бора олмайсиз, олов билан ўйнашган одам ўзини ёқиб юборади”, деган эди Си Цзиньпин Байденга.