ТОШКЕНТ, 1 авг — Sputnik. Россия президенти Владимир Путиннинг Россия армиясига яқинда “Циркон” гипертовушли ракета тизимлари етказиб берилиши ҳақидаги баёноти бутун Буюк Британияда ваҳима уйғотди. Бу ҳақда журналист Дуглас Пейшент “Mirror” газетаси учун мақоласида ёзган.
“Гипертовушли қуроллар товуш тезлигидан тўққиз баравар тезроқ ҳаракатлана олади”, деб таъкидлаган у матнда.
Шу билан бирга, Пейшент Россия раҳбарининг сўзларини асоссиз равишда “совуқ таҳдид” деб атаган.
Санкт-Петербургдаги Ҳарбий-денгиз флоти кунига бағишланган парад чоғида Путин яқин ойларда Россия Қуролли кучларига “Циркон” гипертовушли ракета комплексларини етказиб бериш бошланишини маълум қилди. Таъкидланишича, “Циркон”ни ишлатадиган биринчи кема “Адмирал Горшков” фрегати бўлади.
“Циркон" дунёдаги биринчи гипертовушли қанотли ракета бўлиб, ўзининг двигатель кучидан фойдаланган ҳолда атмосферада маневрлар билан барқарор аэродинамик парвозга қодир. У товуш тезлигидан тўққиз баравар тезроқ ҳаракатлана олади, унинг максимал отиш масофаси минг километрни ташкил қилади. “Циркон” ҳам сувусти, ҳам ердаги нишонларни йўқ қилишга қодир.