ШҲТ-2022: Самарқанд саммити

ШҲТ давлатлари минтақавий хавфсизликни ҳимоя қилиши керак – Хитойлик эксперт

Ду Чжаньюань: ШҲТ давлатлари ҳозиргидан ҳам кўпроқ ўзаро ишончни мустаҳкамлаши ва ҳамкорликни чуқурлаштириши зарур.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. ШҲТ давлатлари минтақада иқтисодий тикланиш ва минтақавий хавфсизликни ҳимоя қилиш учун ўзаро ишончни мустаҳкамлаши ва ҳамкорликни чуқурлаштириши керак. Бу ҳақда жума куни ХХРнинг хорижий тиллардаги адабиётларни нашр этиш ва тарқатиш бошқармаси раҳбари Ду Чжаньюань маълум қилди.
“Халқаро вазиятдаги кўплаб мураккаб ва кўп қиррали ўзгаришлар, жумладан, пандемия ва Россия-Украина можароси шароитида минтақавий иқтисодиётни тиклашга кўмаклашиш ва минтақавий хавфсизликни ҳимоя қилиш мақсадида ШҲТ мамлакатлари ҳозиргидан ҳам кўпроқ ўзаро ишончни мустаҳкамлаши ва ҳамкорликни чуқурлаштириши зарур”, дея иқтибос келтиради РИА Новости ШҲТ мамлакатлари оммавий ахборот воситалари ва таҳлилий марказлари форуми очилишида сўзлаган Ду Чжаньюаннинг сўзларидан.
Экспертнинг фикрича, ШҲТ давлатлари доимий равишда мулоқотни кучайтириши, консенсусга интилиши, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни сўзсиз ҳимоя қилиши керак.
“Ҳозирда дунёда протекционизм ва бир томонламалик кучаймоқда, кам сонли давлатлар таъминотни тўхтатмоқда, алоқаларни узмоқда ва санкцияларни суиистеъмол қилмоқда, бу эса жаҳон иқтисодиётининг тикланишига жиддий зарар етказмоқда. Халқаро ҳамжамият глобал муаммоларни ҳал қилиш ва глобал бошқарувни такомиллаштиришда ШҲТдан ўз ҳиссасини қўшишини кутмоқда”, дея қўшимча қилди у.
Бундан ташқари, эксперт келгусида ШҲТ давлатлари чинакам кўп қирралиликка риоя қилишлари, ўзаро ҳурмат, адолат ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган янги турдаги халқаро муносабатларни барпо этишлари, шунингдек, глобал миқёсдаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшишлари кераклигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, бугун Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўз ишини бошлади.