Стивен Сигал Россия фуқаролигидан ҳеч қачон воз кечмоқчи эмас

Голливуд юлдузи беш йилдан буён Россия фуқароси ҳисобланади - тафсилотлар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Бир неча йил аввал Россия паспортини олган америкалик актёр ва кинопродюсер Стивен Сигал РИА Новости агентлигига Россия фуқаролигидан ҳеч қачон воз кечмаслигини маълум қилди.
"Биринчидан, мен ҳеч қачон Россия паспортидан воз кечмайман. Иккинчидан, мен ҳар куни русофобияга дуч келаман", - дейди у.
Бундан ташқари, 2018 йил август ойидан бошлаб, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Россия ва АҚШ ўртасидаги гуманитар алоқалар бўйича махсус вакили ҳисобланган актёр ўз лавозимини ўзгартириши мумкинлиги ва бу масала муҳокама қилинаётганини айтиб ўтди.

"Биласизки, АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатлар жуда таранг. Менга аввалроқ берилгантопшириқ юзасидан позициямни ўзгартириш ҳақида мунозаралар кетмоқда", - дейди Сигал.

Қайд этиш жоиз, Сигал ушбу лавозимда маданият, фан, таълим, санъат ва спорт соҳасидаги лойиҳаларда иштирок этган.
Актёр Қалмоғистон, Тува ва Ёқутистонга ташриф буюриб, ўзининг келиб чиқиш илдизларини ўрганар экан, Украинада ҳам қариндошлари бўлиши мумкинлигини айтди.

"Россияда кўп қариндошларим бор. Улар асосан Узоқ Шарқ, Владивосток, Иркутск, Ёқутистон, Байкал, Бурятияда. Украинага келсак: қариндошларим бўлиши мумкин, лекин ишончим комил эмас” - дейди у.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил ноябрда президент Владимир Путин америкалик актёр ва продюсер Стивен Сигалга Россия фуқаролигини бериш ҳақидаги фармонни имзолаган эди. Сигалнинг отаси Россия ҳудудида туғилган ва ХХ асрнинг биринчи ярмида АҚШга кўчиб кетган.